Layker — Ўзбекистонда снеклар учун нейминг ва қадоқ дизайни

Бугун сиз янгилик яратасиз — ёки сизни полкадан сиқиб чиқаришади!
 
Харидор товарни танлаш учун полка олдида атиги 3-5 сония сарфлайди. Агар маҳсулотингиз шу вақт ичида эътиборни тортмаса — харид амалга ошмайди.

1. Муаммо ва вазифа

Снеклар бозори — FMCG (кундалик эҳтиёж товарлари) секторидаги энг импульсив ва юқори рақобатли йўналишлардан бири. Маркетинг тадқиқотларига кўра, 70% дан ортиқ харидорлар снек сотиб олиш қарорини бевосита пештахта олдида, атиги 3-5 сония ичида қабул қилади. Бундай шароитда, айниқса бозорни халқаро гигантлар эгаллаб олган бир пайтда, янги маҳсулот пештахтада яққол ажралиб туриши ва истеъмолчи онгида дарҳол қизиқиш уйғотиши керак.

Мижозимиз олдимизга кенг кўламли вазифани қўйди: Марказий Осиёда ноёб бўлган, майдони қарийб 2 гектарни ташкил этувчи, ISO ва Halal сертификатларига эга тўлиқ автоматлаштирилган заводнинг янги маҳсулоти учун кучли бренд пойдеворини яратиш. Брендолог сифатида мақсадимиз фақатгина чиройли дизайн чизиш эмас, балки савдони генерация қиладиган ва харидорни ўзига боғлайдиган тижорий воситани — неймингдан тортиб қадоқлаш дизайнигача бўлган яхлит тизимни ишлаб чиқиш эди.

2. Тадқиқот ва инсайтлар

Лойиҳанинг моҳиятини тушуниш учун биз 6 ой давомида заводдаги қайноқ жараёнлар марказида яшадик. Ҳафтасига камида бир марта ишлаб чиқариш жараёнини ва ишга тушириш-созлаш ишларини кузатдик. Европа, Туркия ва Хитойдан келган технологлар хавфсиз ва такрорланмас таъмларни яратиш устида кечаю кундуз меҳнат қилишди.

Бизнинг асосий инсайтимиз: бугунги истеъмолчи доимо янги ҳиссиётларни излайди. Шунинг учун маҳсулотлар линейкаси жуда дадил ва ғайриоддий яратилди: классик шашлик, паприка, краб ва пишлоқдан ташқари, унга бозор учун «портловчи» бўлган шоколад, баблгам (сақич), қаймоқли қулупнай, тузли карамел, қизил икра ва ҳатто тузланган бодринг таъмлари ҳам киритилди! Бизга таъм чегараларини бузувчи маҳсулот характерини акс эттирувчи динамик ечим керак эди.

3. Ечим

Биз ишни пойдевордан — бренднинг тўғри неймингидан бошладик. Бизга психология ва рақамли маданиятдан олинган энг кучли ижобий триггер керак эди. Шундай қилиб «Layker» номи танланди. Бу шунчаки сўз эмас, бу ижобий баҳо (лайк) ва симпатияни ифодаловчи номдир. Нейромаркетинг нуқтаи назаридан, «лайк» тушунчаси инсон ости онгида қабул қилиниш ва қувонч ҳиссини уйғотади. Бу ном ҳаммага маъқул келди ва муваффақиятли патентланди.

Сўнгра биз бу ғояни қадоқ дизайнига кўчирдик:

  • Контраст ва динамика: пештахтада яққол ажралиб туриш учун марказда тоза оқ фон қолдирдик ва уни ҳар бир таъмга мос келувчи жуда ёрқин, тўйинган ранглар билан ўрадик (масалан, шоколад учун ёрқин кўк-бинафшаранг, краб учун пушти, тузланган бодринг учун сариқ-яшил).
  • Дадил визуал тил: қадоқ чеккаларидаги экспрессив мўйқалам излари (штрихлар) ва график элементлар бренднинг ёш, ғайратли руҳини ҳамда кутилмаган янги таъмларни акс эттиради.
  • Фуд-зона ва ишонч: харидор иштаҳасини уйғотиш учун қадоқнинг олд томонида сифатли сухарик ва асосий ингредиентнинг реалистик фотосуратларидан иборат тоза фуд-зона яратдик. Бундан ташқари, харидорлар ишончини мустаҳкамлаш мақсадида Halal сертификати белгиси энг кўринарли жойга жойлаштирилди.

Қадоқлаш дизайни тасдиқлангандан сўнг, биз бренднинг офлайн-инфратузилмасини яратдик. Статистикага кўра, тўғри жойлаштирилган POS-материаллар маҳсулотга бўлган эътиборни 30-40% га оширади. Шунинг учун шелфтокерлар, воблерлар ва махсус нархномалар ишлаб чиқилди. Бундан ташқари, комплекс брендбук, дистрибьюторлар учун каталог, ташқи реклама учун баннерлар, LED-экранлар учун видеолар, шунингдек, қадоқларнинг реалистик 3D-анимациялари яратилди.

Натижа

Олти ойлик меҳнат, тўғри танланган нейминг ва бизнинг агрессив визуал стратегиямиз ўз мевасини берди. Бугунги кунда Layker — бу нафақат юқори сифатли ва ғайриоддий таъмга эга снек, балки пештахтада дарҳол кўзга ташланадиган ва бозор гигантлари билан дадил рақобатлаша оладиган қадоққа эга кучли, юридик жиҳатдан патентланган бренддир. Марказий Осиёдаги энг йирик автоматлаштирилган миллий лойиҳалардан бирининг дунёга келишида қўшган профессионал ҳиссамиздан фахрланамиз.

Агар маҳсулотларингиз ҳам кучли брендингга муҳтож бўлса, Minim жамоаси бу йўналишда комплекс хизматларни тақдим этади.