Matte — фасад ва декоратив бўёқлар учун нейминг, логотип ва қадоқ дизайни

1. Вазифа

Мижозимиз фасад ва декор учун мўлжалланган янги бўёқлар ва эмулсиялар линияси билан бизга мурожаат қилди. Олдимизда турган асосий вазифа — дўкон пештахтасида рақобатчилар орасида яққол ажралиб туриш эди. Яратилаётган бренд нафақат эътиборни тортиши, балки ички бозорда ҳам, экспортга чиқишда ҳам хорижий маҳсулотлар билан ишончли рақобатлаша олиши керак эди.

2. Тадқиқот ва инсайтлар

Харидор эътиборини қандай жалб қилиш мумкин? Шунчаки ёрқин рангларнинг ўзи етарлими? Жамоамиз билан фикрлашар эканмиз, дизайнга миллий руҳ билан суғорилган концепцияни жорий этишни — уни том маънода «ўзимизники» қилишни мақсад қилиб қўйдик. Бу бизнинг ташаббусимиз эди: маҳсулотга шундай миллий колорит бериш керак эдики, у харидорлар қалбидан жой олсин.

Одатда «миллий» сўзини эшитганда хаёлга фақат дўппи ёки пахта гулли чойнак келади. Аммо замонавий бренд учун бундай сийқаси чиққан образлар етарли эмас. Бизга маданиятимизга чуқур илдиз отган, бир қарашдаёқ қадрдон туюладиган, шу билан бирга ўзида замонавий руҳни мужассам этган илҳом манбаи керак эди.

Тадқиқотлар давомида бизнинг эътиборимизни халқимизнинг миллий либослари — беқасамдан тикилган савлатли эркаклар чопонлари ва момоларимизни безаган ҳашаматли хон-атлас тортди. Айнан шу матоларнинг ранглари ва чизиқлари уйғунлиги лойиҳамизнинг юрагига айланди. Қувонарлиси, биз таклиф қилган бу ғоя мижозга ҳам жуда маъқул бўлди.

3. Ечим

Биз лойиҳага комплекс ёндашдик ва вазифани учта асосий босқичда амалга оширдик:

1. Нейминг

Ишни маҳсулотга мос ном ишлаб чиқишдан бошладик. Даставвал, бўёқнинг ялтироқ бўлмаган, сокин текстурасидан келиб чиқиб, инглизча «Matte» (хира, матовый) сўзида тўхталдик. Бироқ юридик текширув жараёнида бу сўзни патентлаш имконсизлиги маълум бўлди. Шунда биз номга инглизча «Co» (company — компания) қўшимчасини қўшдик.

Шу тариқа осон талаффуз қилинадиган ва хорижий бозорга мос келувчи «Matteco» номи пайдо бўлди ва биз уни муваффақиятли рўйхатдан ўтказдик.

 

2. Логотип

Қурилиш материаллари бозорида қайси давлатларнинг бўёқлари энг сифатли ва премиум ҳисобланади? Албатта, Европа, хусусан Италия ва Франция бўёқлари. Биз брендга айнан шундай юқори хорижий сифат нафасини беришга интилдик.

Эътибор берсангиз, логотипдаги «matté» сўзининг охиридаги «e» ҳарфи устида томчисимон детал бор. Бир томондан, у оқиб тушаётган бўёқ томчисини эслатса, иккинчи томондан — Европа тилларига хос бўлган диакритик белгиларга нозик ишора қилади.

Ушбу кичик визуал ҳийла ёрдамида биз маҳсулот номига қимматбаҳо Европа брендларига хос савлат бахш этдик.

 

3. Қадоқ дизайни

Логотипнинг европача қатъийлигини қадоқда ҳақиқий ўзбекона ечим билан мувозанатладик. Олд томонда биз беқасам чопонларнинг вертикал ранг-баранг чизиқларини ва атласнинг товланувчи ранглар уйғунлигини замонавий минимализм билан бирлаштирдик.

Геометрик чизиқлар миллий матоларни эслатади ва шу билан бирга валикда суртилганда бўёқнинг текис ва силлиқ текстурасини акс эттиради. Ранглар палитраси интерьер ва экстерьерга мос келувчи турли кайфиятларни яратишга мўлжаллаб танланди.

Натижада банка шунчаки қурилиш товари эмас, балки миллий колоритни намойиш этиб, пештахтада мағрур турадиган эстетик маҳсулотга айланди.

Натижа

Ишончимиз комилки, бозорга чиқиши билан «Matteco» бўёқлари усталар ва харидорларнинг эътиборини дарҳол тортади. Рақобатчиларнинг бир хил ва зерикарли банкалари орасида маҳсулот ўзининг дадил визуал ечими билан яққол ажралиб туради.

Аммо биз учун энг катта ғалаба — мижознинг мамнунлиги ва ишончи бўлди. Бажарилган иш ва топилган ностандарт ечимдан мамнун бўлган мижоз, кейинчалик Minim жамоасига яна иккита йирик лойиҳани — янги қаҳвахона брендинги ва сантехника анжомлари учун қадоқлаш дизайнини ишониб топширди. Биз бу лойиҳаларни ҳам муваффақиятли якунладик.